Польшада Қозоғистоннинг инвестицион имкониятлари тақдим этилди

Польшада Қозоғистоннинг инвестицион имкониятлари тақдим этилди

Польшада Қозоғистоннинг инвестицион имкониятлари тақдим этилди. Мамлакатнинг қирқта энг йирик компанияси раҳбарлари мамлакатимизда юзага келган бизнес иқлимга қизиқиш билдирди. Қозоғистон элчихонаси вакиллари мамлакатдаги имкониятлар, қўллаб-қувватланиш чора-тадбирлари ва ўзаро ҳамкорлик учун устувор соҳалар ҳақида маълумот беришди.

БИРЖАН КАНЕШЕВ, МИЛЛИЙ ИНВЕСТИЦИОН КОМПАНИЯ ВАКИЛИ:

- Қўшма ишлаб чиқариш барпо этиш ва қўшма инвестициялар имкониятлари мавжуд. Ушбу босқичда поляк инвесторлари бу фикрни тасдиқлашмоқда. Менимча, биз камида 5-6та шартнома тузиш имконига эгамиз. 15 май куни Астанада бош вазир иштирокида халқаро инвестицион форум бўлиб ўтади. Унда шартномалар имзолаймиз.

Поляк тадбиркорларини бизнес юритишдаги фойдали имкониятлар ва соддалаштирилган виза тизимидан тортиб, солиқдаги имтиёзларгача бўлган енгилликлар қизиқтиряпти. Улар иқтисодий тараққиёт жиҳатидан Қозоғистон Марказий Осиёда пешқадамлигини таъкидлашмоқда.

ЯЦЕК ШВАЙЦОВСКИЙ, БИЗНЕСМЕН /ПОЛЬША/:

 - Қозоғистоннинг инвестициялар ва тараққиёт учун шу қадар очиқлиги менга ёқади. Тақдимотларни мамнуният билан тингладим, ҳуқуқий имкониятлар ва бизнесни ҳимоялаш ҳақида билдим. Жуда қизиқарли тадбир бўлди. Польшанинг кучли қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтикаси бор. Бу соҳаларда яқин ҳамкорлик қила оламиз. Ҳамкасбларим Қозоғистонга инвестиция киритиш ҳақида жиддий ўйлашяпти.

АЛИМЖАН АХМЕТОВ, ТАДБИРКОР:

-  Сут-товар фермамиз Туркистон вилоятида жойлашган. Хўжалигимизда бугунги кунда 1200 бош қорамол мавжуд. Сигирларимиз Канада ва Европадан олиб келинган. Кунига 20 тонна сут оламиз. Келгуси йил маҳсулот ҳажмини 60 тоннага етказиш ниятидамиз. Сутни қайта ишлаб, турли маҳсулот тайёрлаш учун сут заводи қуриш ниятидамиз. Шу ерда қўшма бизнес учун ҳамкор топмоқчиман.

Варшавада “Астана” халқаро молия маркази имкониятлари ҳам тақдим этилди. Делегациямиз аъзолари унинг иши ва ҳамкорликнинг устун жиҳатларини батафсил ҳикоя қилишди. Польша тадбиркорлари молия марказини истиқболли лойиҳа деб аташди ва ўз таклифларини билдиришди.

МАРҒУЛАН БАЙМУХАН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ПОЛЬШАДАГИ ЭЛЧИСИ:

-  Польша томонидан Астана иқтисодий форуми доирасида ўтадиган инвестициявий иқтисодий форумда қатнашишга оид қатор таклифлар мавжуд. Электрон пуллар, блокчейн бўйича йирик компания мавжуд. Бундай ноу-хаулар иқтисодиётимиз учун қизиқарли бўлиши шубҳасиз. Бизнинг мақсадимиз – Қозоғистонга инвестиция жалб этиш ва Қозоғистондан Польшага юбориладиган маҳсулот импортини қўллаб-қувватлаш. Бу давлатда Қозоғистон зиғирини сотиб олишга қизиқиш катта.

Европа Иттифоқининг олтинчи иқтисодиёти билан Қозоғистон логистика ва фармацевтика соҳаларида фаол ҳамкорлик қиляпти. Машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳам ўзаро қизиқиш уйғотмоқда. Бу йўналишларда янги лойиҳалар режалаштирилган. Варшава ва Краков тадбиркорлари Қозоғистон вилоятларига сафар қилиш ниятида.

Фото: mfa.gov.kz