Манғистау вилоятида портлар иши фаоллашади

Манғистау вилоятида портлар иши фаоллашади

Манғистау вилояти фаол ривожланиш босқичида. Портлар фаолияти минтақа ўсишига катта ҳисса қўшяпти. Қуриқ портидан жорий йилда 2,5 миллион тонна юк ташилиши режалаштирилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан 1 миллион тоннага кўп. Бир кеча-кундузда портнинг тўртта причалида 8 та кемага хизмат кўрсатилади. Хитойдан келаётган юклар Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Украина орқали Европага жўнатилади.

АЗАТ БАЛИҚБАЕВ, ЭКСПЕДИТОРЛИК БЎЛИМИ МУТАХАССИСИ:

 - Мен йўловчи ва ҳайдовчилар ҳужжатларини расмийлаштираман. Бизда ягона дарча тамойилидан фойдаланилади. Барча жараёнлар қисқа вақтда амалга оширилади. Хизматчилар учун 120 ўринли ётоқхона қурилган.

Қуриқ портида озарбайжонлик ҳамкасблар билан ўзаро фойдали ҳамкорлик хусусида шартнома тузилган. Бугунги кунда Боку билан мунтазам паром алоқаси йўлга қўйилган. Туркманистон ва Эрон йўналишларида ҳам паром алоқаларини очиш режалаштирилган. Саҳролар ва Каспий денгизи сарҳадида жойлашган Манғишлақ қадим замонларда ҳам Буюк Ипак йўлининг шунчаки транзит ҳудуди бўлиб қолмай, йирик савдо нуқтаси сифатида фаолият юритган. Минтақанинг бу мақоми бугунги кунда ҳам йўқолмаган. Ўтган йили бу ерга 200 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрган. Келгуси 7 йил давомида улар сони 750 минг нафаргача етиши эҳтимол.

ГУЛЬМИРА СУЙЕУОВА, МАНҒИСТАУ ВИЛОЯТИ ТУРИЗМ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

-  Бу ерда ЮНЕСКО васийлигидаги геопарк ташкил этилишини билган сайёҳ бемалол кела бошлаши шубҳасиз. Бу эса қозоқ миллий ҳунармандчилиги ривожига туртки беради. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имконияти яратилади.

Бугунги кунда денгиз соҳилида кўламдор меъморий ансамбль қурилмоқда. Километрларга чўзилган бу иншоот Ақтауни ўраб олади. Келгуси йилда соҳилда йирик габаритли қуруқ юк ташувчи кемалар учун причал қурилади ва кранлар иши ташкил этилади.

Фото: miid.gov.kz