Бельгиялик тадбиркорлар Қозоғистонга 7 миллиард доллар сармоя киритди

Бельгиялик тадбиркорлар Қозоғистонга 7 миллиард доллар сармоя киритди

Қозоғистон ва Бельгия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Брюсселда ўтган учрашувда қозоғистонлик мутахассислар хорижлик тадбиркорларга мамлакатнинг бой захиравий салоҳияти, инвестициявий стратегиянинг асосий йўналишлари, шунингдек, сармоядорларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳақида гапириб беришди. Улкан транспорт-логистика имкониятлари ҳамда Евроосиё Иқтисодий иттифоқи умумий бозорига кириш имконияти мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда бельгияликларга қўшма корхоналар очиш таклиф этилди. Валлония экспорт ва инвестициялар агентлиги ҳамда Бельгиянинг Қозоғистон ва Қирғизистондаги савдо миссияси ёрдамида июнь ойи бошларида бельгиялик тадбиркорлар мамлакатимизга ташриф буюради.

АЙНУР ТУМИШЕВА, «KAZAKH INVEST» МИЛЛИЙ КОМПАНИЯСИНИНГ ЕВРОПА БИЛАН ҲАМКОРЛИК БЎЙИЧА МЕНЕЖЕРИ:

 - Ҳозир биз Қозоғистондаги инвестициявий иқлим, инвестицион имкониятлар хусусида ахборотни иложи борича кенг тарқатишга интиляпмиз. Яратилган қулайликлар, қонунчилик, шарт-шароитлар, шунингдек, мавжуд лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот беряпмиз. Миллий банк статистикасига кўра, Қозоғистон ва Бельгия ўртасида савдо алоқалари, Бельгиядан инвестициялар жалб этилиши йил сайин ортиб бормоқда. Йиллик ўсиш 20 фоизни ташкил этмоқда, бу эса жуда яхши кўрсаткич.

ШАНТАЛЬ ДЕ БЛЁ, AWEX» БОШ ДИРЕКТОРИ:

 - Қозоғистон билан ҳамкорлик тобора кенгаймоқда. Бельгия компанияларининг мамлакатингизга қизиқиши ортяпти. Турли соҳаларда мамлакатлараро яқин ҳамкорлик кузатилади. Биз янги технологиялар, тиббиёт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларни ривожлантиришга доир қатор имкониятларни кўзда тутиб ишламоқдамиз. Қатор компаниялар эътибордан четда қолган йўналишларда янгича нигоҳ, ноу-хау олиб келиш, шунингдек, персонални ўқитиш ва технологиялар тақдим эта олади. Евроосиё Иқтисодий иттифоқи бозорининг очиқлиги Бельгия компанияларининг Қозоғистондаги фаолиятини икки сабабга кўра енгиллатади. Биринчидан, маҳсулотлар ягона тартибда сертификатланади. Авваллари компаниялар бу ишни ҳар бир давлатда алоҳида ўтказишга мажбур эди. Иккинчидан,  Қозоғистон, Россия ва бошқа қўшни давлатларда улкан бозор мавжудлиги.

Сўнгги беш йил ичида Қозоғистонга киритилаётган Бельгия инвестициялари миқдори 7 миллиард долларни ташкил этди. Мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси эса ўтган йиллар билан таққослаганда 41 фоизга юксалди ва 374 миллион доллардан ортди. Қозоғистондан Бельгияга экспорт деярли икки баравар кўпайди. Таъкидлаш жоиз, қиролликнинг 70 дан ортиқ компанияси юртимиз иқтисодиётининг турли соҳаларида иш юритмоқда.

Фото: mfa.gov.kz