Қозоғистон Хорижга 9 миллион дон сотмоқчи

Қозоғистон Хорижга 9 миллион дон сотмоқчи

Қозоғистон жорий йилда 9 миллион тонна дон ва ун экспорт қилиш ниятида. Шу билан бирга, мамлакатимиз буғдойи жаҳоннинг энг йирик бозорларидан бири – Хитойга тобора кўпроқ сотиляпти. 2017 йилда Осмоности  мамлакатига республикамиздан 307 минг тонна буғдой жўнатилган. Ўтган йили эса бу кўрсаткич деярли икки марта ошган – 560 минг тоннани ташкил қилди. Мутахассисларнинг айтишича, 2020 йилга бориб бу кўрсаткич бир миллион тоннагача етиши кутиляпти.

ТИМУР МЕНДИҒАЛИЕВ, ХХР ОЗИҚ-ОВҚАТ ШАРТНОМА КОРПОРАЦИЯСИ РАҲБАРИ:

 - Қозоғистон буғдойи мамлакат ҳудудида жуда харидоргир ва Хитойнинг турли вилоятларига юборилади. Аммо Қозоғистон маҳсулотининг энг кўп қисми Хитойнинг шимолий-ғарбий қисмида – Гансу, Шенси, ички Монголия ва бошқа вилоятларда қолади.

БЯНЬ ЮНЦЗУ, ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ХИТОЙ ХАЛҚ УНИВЕРСИТЕТИ ЭКСПЕРТИ:

 - Биз жуда кўп мамлакатлардан товар импорт қиламиз. Қозоғистонда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам Хитойда севиб истеъмол қилинади. Донингиз сифат жиҳатидан анча яхши ва жуда мазали.

Бугунги кунда Хитойга Ақмўла, Қўстанай, Шимолий Қозоғистон вилоятлари буғдой экспорт қилмоқда. Жорий йилда Осмоности мамлакатига жўнатилаётган маҳсулотлар қаторига арпа ва маккажўхори ҳам киритилди.

ТИМУР МЕНДИҒАЛИЕВ, ХХР ОЗИҚ-ОВҚАТ ШАРТНОМА КОРПОРАЦИЯСИ РАҲБАРИ:

-  Хитойга Қозоғистон уни экспорти тобора ортяпти. Чунки бу маҳсулот таркиби жиҳатидан табиийликни тўла сақлаган. Ва Хитой бозорида унга талаб жуда юқори.

Айни вақтда Қозоғистон буғдойи харидорлари қаторида Грузия ҳам бор. Бу мамлакат республикамизда етиштирилган донни катта ҳажмда сотиб олиш ниятини билдирди.

ЛЕВАН СИЛАГАВА, ДОН ВА ДОН МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИЛАРИ ҲАМЖАМИЯТИ РАҲБАРИ:

 - Биз Қозоғистон билан яхши муносабатдамиз. Қозоғистон буғдойи етказиб беришни кўпайтириш хусусида фаол музокаралар олиб боряпмиз. Сўнгги уч ой ичида 40 минг тонна маҳсулот олдик. Аммо бу биз учун жуда оз, ушбу кўрсаткичларни оширишни истаймиз.

ВАХО ЧАРАЯ, ЭКСПЕРТ:

 - Россиядан келадиган дон сифати ўртача, бу эса тегишлича мамлакатимизда ёпилаётган нон сифати ва нархига ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун қозоғистонлик ҳамкорлар билан нафақат нархи, балки дон олий сифатли бўлишини ҳам келишиб олишимиз керак.

Қозоғистон дони етказиб берилаётган ҳудудлар жуда кенглигини таъкидлаш жоиз. Шу жумладан, 2019 йилда Қўстанай вилоятидан ун олувчи мамлакатлар қаторида Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Эронни кўрсатиш мумкин. Бу мамлакатларга минтақадан 77 минг тонна ун жўнатилди. Қўстанай дони эса жами 24 хорижий мамлакатга сотилади.

НУРСУЛТАН КАБДЕЛОВ, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ БОШҚАРМАСИ МУТАХАССИСИ:

-  Асосий харидорлар қаторида Афғонистон ва Ўзбекистонни айтиш мумкин. Улар экспорт ҳажмининг 50 фоизини эгаллайди. Исроил, Бангладеш ва Финляндия каби янги сотув бозорлари очилди. Ўтган йили илк бора Испания, Норвегия, Тунис, Латвия, Миср ва Украинага дон экспорт қила бошладик.

Шуни ҳам айтиш лозимки, Қозоғистон дони Жанубий Осиё мамлакатларига ҳам эркин етказиб бериляпти. Ўтган йили 30 минг тонна дон Вьетнамга юборилди. Бугунги кунда эса тегишли органлар Қозоғистон буғдойи учун ажратилган квоталар ҳажмини ошириш устида фаол меҳнат қилмоқда.

Фото: 24.kz