Қўстанай вилояти йилқичилик фермалари экспорт салоҳиятини оширмоқчи

Қўстанай вилояти йилқичилик фермалари экспорт салоҳиятини оширмоқчи

Қўстанай вилояти йилқичилик фермалари экспорт салоҳиятини оширмоқчи. Жорий йилда Россия ва Хитой бозорларига гўшт маҳсулотлари ва қимиз юборилади. Шчербаково қишлоғидаги деҳқон хўжалигида 2006 йилдан буён от парваришланади. Иш аввалида от атиги 50 бош эди. Эндиликда эса етти юзтадан ошиб кетди. Фермерлар наслдор зотларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратишяпти. Улар ихтиёрида 10 минг гектар яйлов бор. Бундан ташқари, хўжалик йирик курорт минтақаси яқинида жойлашган. Бу эса ҳордиқ олувчиларга шифобахш ичимлик ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш имкониятини яратади.

АМИРБЕК ИСМАИЛОВ, ЙИЛҚИЧИЛИК ХЎЖАЛИГИ РАҲБЮАРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Биз бўрдоқичилик майдончаси қурдик. Совитилган гўштни экспортга юборамиз. Бир кеча-кундузда 4 тоннагача, ойига 120 тоннагача гўшт етказиб беришимиз мумкин. Ўтган йил баҳоридан қимиз билан шуғуллана бошладик. Одатда 30-40 та бия соғамиз. Қимиз тайёрловчи цех ўзимизда бор.

Бўрдоқилаш майдончаси 500 та отга мўлжалланган. Шу билан бирга, Қарабалиқ туманида кўп сонли қорамол етиштирилади.

ЕРЖАН САМИДОСОВ, АЛТИНСАРИН ТУМАНИ ҲОКИМИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Фермер хўжаликларининг кўпчилиги йирик шохли қорамол топширади. Чунки бу соҳага давлат ёрдам кўрсатяпти. Тирик вазн учун бизга мўмайгина ҳақ беришади. Хориждан олиб келинадиган жониворлар учун эса субсидия ажратилади.

Чорвачилик билан шуғулланишга қарор қилганлар «Еңбек», яъни «Меҳнат» дастури имкониятларидан фойдалана олади. Жорий йилда бу соҳани ривожлантиришга минтақада 3 миллиард тенге ажратилди. Янгидан иш бошлаётган тадбиркорлар учун чегирмалар кўзда тутилган ва кафолатлардаги чекловлар олиб ташланган.

МАРАТ САЛИҚБАЕВ, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ МОЛИЯВИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИ ДИРЕКТОРИ:

 - Бошловчи тадбиркорларга 85 фоизли енгиллик берилади. Аввалдан ишлаб келаётган тадбиркорларга 50 фоиз кафолат бор. Иккинчидан, сотиб олинган жониворларга ҳам, техникага ҳам кафолатлар кўзда тутилган.

Жорий йилда Тўбиль тумани фермерлари “Сибаға” дастури доирасида 900 тача кредит олади.

Фото: jasqazaq.kz