Жамбил вилоятида қанд заводи очилади

Жамбил вилоятида қанд заводи очилади

2021 йилда Жамбил вилоятининг Чу туманида янги қанд заводи қурилади. Лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёр. Қурилишга хусусий сармоядорлар жалб этилган. Янги корхонадаги ускуналар жаҳон стандартларига мувофиқ бўлади. Бу ерда суткасига 8 минг тоннагача шакар олинади. Шу билан бирга, йил сайин қанд лавлаги ҳосилини мунтазам ошириб бориш режа қилинган. Жорий йилда ширин маҳсулот берувчи экин экилган майдон 9 ярим минг гектарга етди. Бу кўрсаткич эса ўтган йилдагидан тахминан 20 фоизга юқори.

ЕРЛАН КЎЛКЕЕВ, ВИЛОЯТ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Фоиз кўрсаткичларига қарасак, қанд лавлаги таркибида тахминан 18 фоизгача шакар бўлади. Ҳозирги қанд заводларида унинг атиги 12 фоизи ажратиб олинади. Аммо янгидан қўйилаётган ускуналардан фойдаланувчи янги заводда бу кўрсаткич 15-16 фоизни ташкил қилади. Бу эса олинаётган шакар миқдорини анча кўтаради.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда Жамбил вилоятида жами 115 миллиард тенгели 23 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилади. Бу маблағнинг 65 миллиарди хорижликлардан келади. Минтақада янги саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо ва туризм корхоналари барпо этилади. Шуни ҳам эслатиш лозим, сўнгги уч йил мобайнида Жамбил вилоятида 46 та инвестициявий лойиҳа татбиқ этилди.

АРНУР МУХАМЕТЖАНОВ, ТАДБИРКОРЛИК ВА САНОАТ-ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

 - Соҳалар ҳақида гапирсак, энг кўп лойиҳалар аввало қишлоқ хўжалигида амалга оширилмоқда. Уларнинг жами қиймати 2,5 миллиард тенге, сони – 5 та. Савдо соҳасида ҳам битта лойиҳа бор. Бундан ташқари, келгуси йилда 96 миллиард тенгели яна 13 та лойиҳа рўёбга чиқарилади.

Сурат vedmochka.net сайтидан олинди.