Эрон Қозоғистондан дон сотиб олмоқчи

Эрон Қозоғистондан дон сотиб олмоқчи

Эрон Қозоғистондан дон сотиб олмоқчи. Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги вазирлиги Эрон ва Россия билан дон савдоси соҳасида уч томонлама ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Ушбу ҳужжат 5 йил давомида амал қилади. У ўтган йили имзоланган Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ва Эрон Ислом республикаси ўртасида тузилган эркин савдо зонаси хусусидаги шартномани тўлдиради. Экспертлар фикрича, бугунги кунда эронлик тадбиркорлар қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун Қозоғистон ва Россия буғдойини сотиб олишдан манфаатдор.

МУРТЕЗА МИРИЙ, ТЕҲРОН ТАДБИРКОРЛАРИ ҲАМЖАМИЯТИ ДИРЕКТОРЛАР КЕНГАШИ АЪЗОСИ:

-  Теҳрон Қозоғистон буғдойи сифатига эътибор қаратди. Уни харид қилишдан асосий мақсад – чуқур қайта ишлаш ҳисобланади. Буғдойнинг бир қисмини биз ўз эҳтиёжларимиз учун ишлатамиз. Яна бир қисмини эса қайта ишлаб, Афғонистон, Сурия, Ироқ каби мамлакатларга юборамиз. Ҳозирча айнан қанча миқдорда маҳсулот олиш ҳақида шартнома тузмадик. Аммо биз, эронлик тадбиркорлар талаб юқори бўлишига ишонамиз. Зеро, бизнинг қўшниларимиз дон истеъмоли бўйича жаҳоннинг етакчи мамлакатлари.

Эслатиб ўтамиз, уч йил муқаддам Эронга буғдой олиб келишга қисман чекловлар қўйилганди. Унгача Қозоғистон ва Россия экспорт билан фаол шуғулланган. Бугунги кунда Эрон Ислом республикасида йилига 12 миллион тонна дон етиштирилади. Аммо мамлакатнинг қайта ишлаш имконияти бундан икки баравар ортиқ. Жорий йилда Эрон Қозоғистондан 1 миллион тоннага буғдой сотиб олмоқчи.

МУҲАММАД ВАТАНПУР, ИҚТИСОДЧИ:

- Астана билан бугунги кунда эришилган шартномалар аввалгиларидан анча кенг. Биринчидан, Эрон ички бозорига сифатли буғдой келтирилади. Иккинчидан, учинчи мамлакатларга транзит ва экспорт қилинади. Бу эса Эроннинг ҳам, Қозоғистоннинг ҳам минтақадаги экспорт салоҳиятини оширади. Бундай ҳамкорлик Қозоғистон  учун ҳам, Эрон учун ҳам фойдали эканлиги шубҳасиз.

Сурат zakon.kz сайтидан олинди.