Арманистонга экспорт оширилди

Арманистонга экспорт оширилди

Қозоғистон ва Арманистон ўртасидаги товар алмашинуви ижобий динамикани кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг 11 ойи давомида у 12 миллион долларни ташкил қилди. Бу эса 2017 йилга нисбатан 50 фоиз ортиқ. Қозоғистондан Арманистонга донни қайта ишлаш маҳсулотлари, қоғоз, картон, дори-дармонлар ва кимёвий товарлар экспорт қилинади. Бизга эса мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари, ёнғоқ импорт қилинади. Бундан ташқари, мамлакатимиз арманистонлик заргарлар учун йирик бозорга айланган.

АГАСИ ПОГОСЯН, ЕРЕВАН ЗАРГАРЛИК ЗАВОДИ БЎЛИМ БОШЛИҒИ:

 - Асосан узуклар, зираклар, нафис занжирлар сотамиз. Харидоргирлиги туфайли янада кўпроқ турдаги маҳсулот келтирмоқчимиз. Бунинг учун ишлаб чиқариш қувватини оширамиз. Яқинда қозоқ ўтовининг коллекция нусхасига буюртма беришди. Ҳозирча эскизлари ишланяпти, тез орада бу маҳсулот ҳам қозоғистонлик харидорларга тақдим этилади.

Арман томонининг таъкидлашича, Евроосиё Иқтисодий иттифоқининг тузилиши тадбиркорлик алоқаларининг кенгайишига олиб келди. Экспертлар айтишича, ишлаш енгилроқ ва фойдалироқ бўлмоқда.

АРМЕН  АВАК АВАКЯН, «БИЗНЕС АРМАНИСТОН» ЖАМҒАРМАСИ ЭКС-ДИРЕКТОРИ:

 - 2018 йилда бизнинг экспорт шартномаларимиз 6,8 миллиард драмни ташкил этди. Бунга асосан кўргазмаларда иштирок этиш орқали эришдик. 2017 йилда ҳам 30 фоизли ўсиш кузатилганди. Ўзаро муносабатлар тобора чуқурлашаётганини кузатиляпти. Бу жараён давом этишига умид қиламиз. Келгуси режаларимиз заргарлик буюмлари, текстиль, шароблар, коньяклар, шарбатлар, мева-сабзавот экспортини ошириш билан боғлиқ.

Арманистон бозорлари ўз маҳсулотлари билан тўйинганига қарамай, экспертлар фикрича, Қозоғистон маҳсулотини бу бозорга олиб кириш имконияти бор. Иқтисодчилар талаб юқори бўлиши мумкин, деб ҳисоблаган 43 турдаги товарлар рўйхати ишлаб чиқилди. Кимёвий маҳсулотлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқалар шулар қаторида.

ТИМУР ЎРАЗАЕВ, ҚОЗОҒИСТОННИНГ АРМАНИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ:

-  Арманистонда Қозоғистонда ишлаб чиқарилган трансформаторлар, кабеллар, темир симлар, пўлат прокат, япроқли прокат каби маҳсулотларга эҳтиёж катта. Биз йил давомида арман ҳамжамиятларига бу ерда, Арманистонда зарур бўлган маҳсулотлар рўйхатини юбориб турдик. Айтиш жоиз, Уральск трансформатор заводи маҳсулотини такрор ва такрор таклиф қилдик, натижада эндиликда у мижозларга етказиб берилмоқда. Заводдан чиққан ускуналар Россиянинг худди шундай маҳсулотига нисбатан нарх жиҳатидан анча рақобатбардош.

Бугунги кунда Қозоғистон ва Арманистон ўртасида муносабатлар барқарор ва жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаш лозим. Мамлакатлар орасида барқарор, ўзаро ишонч ва шаффофликка асосланган ҳамкорлик алоқалари шаклланган.

Сурат arminfo.info сайтидан олинди.