Қозоғистон ва Украина ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Қозоғистон ва Украина ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

“Астана” халқаро молиявий маркази ва Украина савдо-саноат палатаси ўртасида тадбиркорлик юзасидан ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Икки мамлакат делегациялари учрашуви Киев шаҳрида бўлиб ўтди. Ҳужжатга кўра, молиявий соҳада ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш ва инвестициялар алмашинуви учун шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, “Астана” халқаро молиявий маркази расман очилганига бир йил бўлди. Энг яхши халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда ушбу марказ инглиз ҳуқуқини амалда қўлловчи ва замонавий молиявий технологиялардан фойдаланувчи минтақавий хабга айланди.

ЕРНУР РИСМАҒАМБЕТОВ, “АСТАНА” ХАЛҚАРО МОЛИЯВИЙ МАРКАЗИ МАЪМУРИЯТИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Бугунги кунда «Астана» халқаро молиявий марказида 120 тача компания ишлаб турибди. Бу кўрсаткични 2020 йилга бориб 500 тагача етказиш ниятидамиз. Украина компанияларини ҳам марказ муҳитига олиб кириш юзасидан тизимли ишни йўлга қўйишни истардик. Бу борада Украина Савдо-саноат палатаси ҳамкоримиз бўлмоқда. Биз ўзаро шартнома тузганмиз. Гап шундаки, Украина палатасида 9 мингга яқин корхона рўйхатдан ўтган. Молиявий технологияларни ривожлантириш баробарида биз айнан шу йўналишда муносабатларни мустаҳкамлаш ниятидамиз.

Ҳамкорлик шартномаси доирасида тез кунларда “Астана” халқаро молиявий маркази Украина пойтахти ва йирик шаҳарларида ўз имкониятлари тақдимотини ўтказади. Мутахассислар фикрича, бу тадбир икки давлат ўртасидаги тадбиркорлик алоқаларини мустаҳкамлайди.

ГЕННАДИЙ ЧИЖИКОВ, УКРАИНА САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ ПРЕЗИДЕНТИ:

 - Биз тез кунларда шундай роуд-шоу ўтказиш хусусида келишиб олдик. Унда ўзимиздаги молиявий, банк, суғурта ва саноат корхоналарини имкониятлар билан таништирамиз. Бундан ташқари, ўйлаймизки, биз мунтазам равишда ёш мутахассисларни алмашамиз. Чунки мутахассислар, стажёрлар алмашинуви туфайли бир-биримизни тушуниш енгилроқ кечади.

Қозоғистон томони украиналик тадбиркорларни «Astana Finance Days» халқаро конференциясига таклиф қилди. Бу тадбир жорий йилнинг июль ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтади.

Сурат kazpravda.kz сайтидан олинди.