Қозоғистон мамлакат иқтисодиётига қўшимча инвестиция жалб этишни кўзлаяпти

Қозоғистон мамлакат иқтисодиётига қўшимча инвестиция жалб этишни кўзлаяпти

Қозоғистон мамлакат иқтисодиётига қўшимча инвестиция жалб этишни кўзлаяпти. Бу вазифани бажариш учун Ташқи ишлар вазирлиги сармоядорлар билан ишлашнинг янги шаклларини ишлаб чиқмоқда. Вазирлик 40 та устувор мамлакатни белгилаб олган. Россия, Хитой, Украина, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар шулар қаторида. Сармоя жалб этишда озиқ-овқат саноати, нефть ва газни чуқур қайта ишлаш, нефть кимёси, машинасозлик каби нохомашё соҳаларга алоҳида эътибор қаратилган.

ЖУМАБЕК САРАБЕКОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ЖАМҒАРМАСИ ҚОШИДАГИ ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЁТ ВА ҲУҚУҚ ИНСТИТУТИ ЭКСПЕРТИ:

-  Иккинчи гуруҳ вазифалар ахборот-коммуникация технологиялари, туризм, молияга инвестиция жалб этиш билан боғлиқ. Ушбу соҳалар истиқболли ҳисобланади. Қозоғистон ҳукумати уларга маблағ олиб келишга, рақобатбардош Қозоғистон иқтисодиётини ривожлантириш учун энг фойдали шарт-шароитлар яратишга интилади.

2022 йилга бориб Қозоғистон инвестициялар оқимини 2016 йилдагига нисбатан деярли бир ярим баравар ошириш ниятида. Аналитикларнинг фикрича, ривожланган мамлакатлар сармоядорлари билан фаол ҳамкорлик Қозоғистон товарларининг ташқи бозорларга чиқишига кўмаклашади. Шуни ҳам айтиш жоизки, 2018 йилда республика 54 миллиард доллардан зиёд товар экспорт қилди.

БЕЙБУТ АТАМҚУЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ:

-  Соҳа вазирликлари билан биргаликда биз мамлакатимиз маҳсулотларининг халқаро сифат стандартлари ва маҳсулот қадоқлаш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаш бўйича қатор мажмуавий чора-тадбирлар кўришимиз, экспорт товарларининг барқарор етказиб берилишини кафолатлашимиз зарур.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон иқтисодиётига капитал жалб этиш билан махсус инвестиция жамғармаси шуғулланади. Уни ташкил этиш ва ишлатиш учун 970 миллион доллар ажратилиши мўлжалланган.