Қозоғистон автомобилсозлиги мунтазам ўсмоқда

Қозоғистон автомобилсозлиги мунтазам ўсмоқда

Қозоғистон автомобилсозлиги мунтазам кенгайиб бормоқда. Ўтган йил якунларига кўра 80 фоизга ўсгани аниқланди. Экспертлар бу ютуқларни соҳани рақамлаштириш фаол давом этаётгани билан боғлашди. Автомобилсозлик – юқори технологиялар ишлатиладиган йирик саноат секторларидан бири. Мамлакатимизнинг қатор автомобиль йиғиш корхоналарига МДҲда тенги йўқ асбоб-ускуналар ўрнатилган.

Ўскемен автомобиль йиғиш заводи жадаллаштирилган саноат-инновациявий тараққиёт дастурининг асосий лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Корхона иш бошлаганидан буён ўтган 16 йил давомида унинг саноат тармоғи ва инфратузилмаларига 489 миллион доллар маблағ киритилди. Шундан 70 миллиони тўлиқ циклга эга янги завод қуришга йўналтирилди.

Ўтган йил Қўстанай заводи учун ҳам самарали бўлди. Бу ерда моделлар турларини анча кенгайтиришга муваффақ бўлинди. Натижада, ишлаб чиқариш ҳажми 203 фоизга ўсди. Қўстанайда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг ўндан бир қисми Россия, Қирғизистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Беларусга эса синов партияси жўнатилди. Шунингдек, Озарбайжон бозорида ҳам истиқболли ҳамкорлар бор.

Ғилдиракли техника ишлаб чиқариш соҳасида ҳам маҳсулот чиқариш ҳажми тобора ортмоқда. Сўнгги етти йил ичида бу кўрсаткич 2,5 марта ошган. Қозоғистонда бугунги кунда қишлоқ хўжалиги машиналари ва ускуналари, юк машиналари ва автобуслар ишлаб чиқариляпти. Семей шаҳрида йиғилаётган техника эса харидоргир. Йил охиригача бу ерда 500 га яқин автобус чиқариш мўлжалланган.

АСЕМХАН ДЎСҚЎЖАНОВ, КОРХОНА РАҲБАРИ:

 - Мамлакатни ўзимизнинг автобуслар билан таъминлаш бўйича мажмуавий режа қабул қилинганди. Бу эса бизга қўл келади. Дастур шу каби техника ишлаб чиқариш билан машғул бўлган корхоналарга катта ёрдам беради.

Кўкшетаудаги заводда эса автопоезд – умумий юк сиғими 29 тоннани ташкил этувчи иккилик прицеп ишлаб чиқариш режаси амалга оширилмоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, ўтган йили қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва йиғиш корхонаси 9 миллион доллардан зиёд нархдаги маҳсулот чиқарди.

ОЛЕГ БАЛИБИН, КОРХОНА БОШ ДИРЕКТОРИ:

 - Бизда ишлаб чиқарилаётган тупроққа ишлов берувчи ускуна турларини кенгайтирмоқдамиз. Плуглар, бороналар моделларини кўпайтирдик. Россиялик ҳамкорлар билан бирга баҳорда айниқса талаб катта бўладиган сеялкалар ишлаб чиқарамиз.

Қозоғистон автомобиль саноати йирик инвесторларда қизиқиш уйғотмоқда. Келгуси икки йилда мамлакатимизда автомобиль ишлаб чиқаришга яна бир миллиард доллардан зиёд маблағ киритилиши кутиляпти.