Саноатлашиш Қозоғистонга 1250 янги корхона берди

Саноатлашиш Қозоғистонга 1250 янги корхона берди

1250 янги корхона. Саноатлаштириш дастури рўёбга чиқарилган йиллар давомида Қозоғистонда шунча завод иш бошлади. Нефть қазиб олиш билан бир вақтда мамлакатда қайта ишлаш саноати ҳам ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбари ташаббусига кўра бу йўналишда 500 миллиард тенге маблағ ажратилган. Нафақат мамлакатимиз истеъмолчилари учун, балки ташқи бозорларда ҳам ишлаш ниятида бўлган корхоналар молиявий ёрдам олди. Умуман олганда, қайта ишлаш секторида ишлаб чиқариш ҳажми уч баравардан ортиқ юксалди ва 2017 йил якунига кўра деярли 9 ярим триллион тенгени ташкил этди.

Қайта ишлаш секторидаги ёрқин намуналардан бири – Қизил Ўрда вилоятида тампонаж цементи ишлаб чиқарувчи завод. Корхона декабрь ойида Хитой Халқ  республикасидан келган ҳамкорлар билан бирга ишга туширилган. Унда йилига бир миллион тоннагача маҳсулот чиқариш мўлжалланган. Завод маҳсулоти қурилиш саноати, нефть-газ, уран конларида ишлатилади.

Қарағанди вилоятида эса 30 дан ортиқ йирик инвестициявий лойиҳа ишга тушириляпти. Қуёш электрстанцияси, катод миси ишлаб чиқарувчи завод, машинасозлик корхонаси ва олтин ажратувчи фабрика шулар қаторида. Уларнинг барчаси муваффақиятли модернизация қилинган. Мазкур лойиҳалар туфайли мамлакатга 470 миллиард тенгедан зиёд инвестиция жалб этилди. Ўтган йил якунларига кўра минтақада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулоти ҳажми икки ярим триллион тенгедан зиёдни ташкил қилди. Бу эса 2017 йилдагидан 250 миллиард тенгега кўп.

АРМАН НУРМАҒАНБЕТОВ, САНОАТ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ МУОВИНИ:

 - Мўлжалга кўра, пўлат ва мис ҳисобига 2019 йилда саноатнинг 4,5 фоизга ёки 2,7 триллион тенгелик ҳажмгача ўсиши кутиляпти. Биз ўтган йилгидан 4 миллион тоннага кўпроқ пўлат ва 50 минг тоннадан зиёд мис ишлаб чиқиш, йирик инвестициявий лойиҳаларнинг тўлақонли ишлашига эришишни режа қилганмиз. Бундан ташқари, яна 500 миллиард тенге ҳажмида инвестиция жалб қилинади. Қарағанди вилоятининг саноат имкониятларини рўёбга чиқариш бобидаги ишлар давом этади.

Машинасозлик соҳасида ҳам улкан натижаларга эришилди. 7 йил давомида ишлаб чиқариш ҳажми 2 ярим мартадан зиёдга ошди. Мамлакатимиздаги ҳар иккинчи автомобиль ёки юк машинаси ўзимизда ишлаб чиқарилган. 2018 йилда жами қиймати 80 миллиард тенгедан зиёд бўлган ўн икки мингдан кўп машина Қўстанай автозаводи конвейерини тарк этди. Уларнинг асосий қисмини, яъни 90 фоизини қозоғистонликлар харид қилган. Хорижга қиймати бир миллиард тенгедан зиёд маҳсулот жўнатилди. Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга автомобиль экспорт қилинди. Беларусь бозорига синов партияси жўнатилди. Эҳтимолий ҳамкорлар сифатида Озарбайжон вакиллари билан музокара кетяпти. 2019 йилда заводда 20 минг машина йиғилиши кутилади. Улардан бир ярим минги экспорт қилинади.

СЕРГЕЙ МОГИЛАТОВ, АВТОЗАВОДНИ ТЕХНИК РИВОЖЛАНИШИ БЎЙИЧА  ДИРЕКТОР ЎРИНБОСАРИ:

 - Экспорт қилинаётган мамлакатлар сони ортиб боряпти. Аммо нима бўлганида ҳам асосий бозор сифатида Россия Федерациясини кўряпмиз. Чегарагача 170 километр. Челябинск, Екатеринбург каби улкан мегаполислар бор.

Сўнгги йилларда корхоналар мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган 500 дан ортиқ янги маҳсулотни пештахтага юбормоқда. Шу билан бирга, 50 тача турдаги маҳсулот жаҳоннинг 110 мамлакати бозорларига юборилади. Хитой, Россия, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи мамлакатлари бу рўйхатдан салмоқли ўрин олган.