Астана ва Истамбул шаҳарларида қўшма тадбиркорлар палатаси офислари очилади

Астана ва Истамбул шаҳарларида қўшма тадбиркорлар палатаси офислари очилади

Қозоғистон ва Туркия қишлоқ хўжалиги, қурилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ва қазилма бойликлардан фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашади. Бунинг учун Астана ва Истамбул шаҳарларида қўшма тадбиркорлар палатаси офислари очилади.

НУРАЛИ БЎКЕЙХАНОВ, «АТАМЕКЕН» МИЛЛИЙ ТАДБИРКОРЛАР ПАЛАТАСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Астанада турк мутахассислари туркиялик тадбиркорларга бизнесни ривожлантиришда ёрдамлашади. Истамбулда эса қозоғистонлик мутахассислар юртимиз тадбиркорларига Туркияда бизнесни ривожлантиришда кўмаклашади. Бу эса инвестициялар, савдо ва технологиялар алмашинувига туртки беради.

Анқара шаҳрида бўлиб ўтган гуруҳларнинг биринчи йиғилишида томонлар ўз корхоналари ва минтақаларининг имкониятларини тақдим этдилар.

АБЗАЛ САПАРБЕКУЛИ, ТУРКИЯДАГИ ҚОЗОҒИСТОН ЭЛЧИСИ:

 - Қозоғистон компаниялари ўз инвестициявий ва савдо имкониятларини яхшилаш учун туркиялик ҳамкорлар билан бевосита алоқа боғлашдан манфаатдор. Айни вақтда турк тадбиркорлари ҳам Қозоғистонга қандай товарларни экспорт қилишлари мумкинлиги ва аҳоли талабини билиши экспорт имкониятларини рўёбга чиқариш учун зарур. Аввал савдода ҳамкорлик, сўнгра – инвестициялар. Шунинг учун ҳам, менинг фикримча, иккала томондаги тадбиркорлар шу каби майдончалар ва учрашувлар ёрдамида ўз мақсадларига етишлари мумкин.

Қатор Қозоғистон компаниялари Туркия бозорини ўзлаштиряпти. Мамлакатимизда эса икки мингтача турк компанияси фаолият юритяпти. Келажакда хорижлик бизнесменлар Қозоғистон саноатига сармоя киритмоқчи.

ЎРХАН АЙДИН, САНОАТ ЗОНАСИ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

 - Биз учун Қозоғистон энг муҳим ҳамкорлардан бири. Бугун боғланган ришталарни келажакда ҳам мустаҳкамлаб борамиз. Саноат зонамиз – Туркиядаги энг муҳим марказлардан бири. Турли мамлакатларда, мудофаа, қурилиш, текстиль, тиббиёт каби соҳаларда ҳамкорларимиз бор. Қозоғистон билан ҳам ҳамкорликни ривожлантирамиз. 

Учрашув ниҳоясида томонлар алоқалар форматини кенгайтириш ва ҳамкор тадбиркорлар сонини оширишга келишиб олишди. Тадбиркорлар фикрича, икки мамлакат кичик ва ўрта бизнеси ўртасидаги ҳамкорлик Қозоғистон ва Туркия ўртасида савдо-иқтисодий алоқа ривожланишига ҳисса қўшади. Эслатамиз, 2018 йилда республикалар ўртасида товар айланмаси бир миллиард 900 миллион долларга етди.