Қозоғистон Германияда ўтган халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этди

Қозоғистон Германияда ўтган халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этди

Қозоғистон Германияда ўтган халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида иштирок этди. Тадбирда ўнта мамлакатимиз компанияси маҳсулотлари тақдим этилди. Кўргазмада жаҳоннинг 65 мамлакатидан 1700 нафар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари қатнашди. Ташкилотчиларнинг айтишича, мазкур анжуман янги ҳамкорлар топиш ва мамлакатни яхшироқ танитиш учун ажойиб имконият.

БЎЛАТ НУСУПОВ, ҚОЗОҒИСТОННИНГ ГЕРМАНИЯДАГИ ЭЛЧИСИ:

 - Бундай тадбирларда иштирок этиш жуда муҳим. Чунки улар олдимизда турган муаммоларни ҳал этиш учун зарур платформа яратишга имкон беради. Биринчидан, агросаноат мажмуасига немис инвестицияларини жалб этишга, иккинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларимизни хорижий мамлакатларга экспорт қилишга. «Яшил ҳафталик» шу мақсадларни рўёбга чиқаришда ёрдам беради.

МИХАЭЛЬ ШТЮБГЕН, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИ ПАРЛАМЕНТ СТАТС-СЕКРЕТАРИ (ГФР):

 - Жорий йилда Қозоғистон илк бор тадбирда иштирок этаётгани ва келгуси йилларда ҳам қатнашиш ниятида эканлигидан хурсандман. Кўплаб немислар сизнинг маҳсулотингизга қизиқишини биламан. Бия сутини татиб кўрдим ва у менга жуда ёқди. Муваффақият тилайман. Яна шуни таъкидлардимки, Қозоғистон аграр соҳада улкан истиқболга эга шерик ва ҳамкорликни кенгайтирамиз.

Қозоғистон маҳсулот ишлаб чиқарувчилари «яшил ҳафта»да турли-туман маҳсулот тақдим этдилар. Қурт, ҳолва, жентдан тортиб, оламга машҳур Қозоғистон шоколадигача. Ширинликлардан ташқари туя сути, балиқ намойиш этилди. Бия сути асосида тайёрланган шоколад кўпчиликни лол қолдирди. Хорижликлар бу маҳсулотнинг дунёда тенги йўқ, деб баҳолашди.

САЛТАНАТ ТЎЛЕКОВА, КЎРГАЗМА ИШТИРОКЧИСИ:

 - Келишяпти, кўришяпти, сотиб олишяпти, ажойиб шоколад экан деб мақташяпти. Бу – тенгсиз маҳсулот. Жаҳонда бундай шоколад йўқ, фақат Қозоғистонда бор.

АЯН ЕРЕНОВ, ҚОЗОҒИСТОН ТАШҚИ САВДО ПАЛАТАСИ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

 - Маҳсулотимиз талабга эгалигини кўриб турибмиз. Европа Иттифоқи истеъмолчилари учун органик асосда тайёрланган маҳсулотларимизни тақдим этиш биз учун ҳам қизиқарли бўлди. Менинг ҳисобимга кўра, бу ерда тахминан 20 мингта улгуржи савдо компаниялари вакили  бор, улар Қозоғистон маҳсулотини сотиб олишга шартнома тузиши мумкин. Албатта, сертификатлаш масаласи мавжуд, аммо биз олиб келган компаниялар бугунги кунгача Европа Иттифоқи билан ишлаш тажрибасига эга.

Бу йил жаҳоннинг барча мамлакатларидан 100 мингдан ортиқ товарлар тақдим этилди. «Яшил ҳафталик»ка ташриф буюрган 400 мингдан ортиқ меҳмон Қозоғистон табиий маҳсулотлари билан танишиши мумкин.