Қўстанайлик фермерлар бир ярим минг тоннага яқин гўшт экспорт қилди

Қўстанайлик фермерлар бир ярим минг тоннага яқин гўшт экспорт қилди

Қозоғистонда гўшт кластери ривожланиб боряпти. Экспертлар таъкидлашича, бу жараён тобора жадаллашяпти. Ўтган йили Қўстанай вилояти фермерлари бир ярим минг тонна атрофида гўшт экспорт қилди. Бундан ташқари, улар хориждан икки минг бош атрофида наслдор мол олиб келишди. Бунга давлат дастури ёрдамида эришилди.

ТЎЛЕУТАЙ ЕРЖАНОВ, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Вилоятимизда бугунги кунда 80 минг бош наслдор йирик шохли қорамол бор. Улардан 30 мингтаси – зотли сигир. Минтақадаги 24 та хўжалик наслдор мол етиштириш билан шуғулланади. Қорамоллар вилоятда ва ундан ташқарида сотилади.

Жамбил вилоятининг Қўрдай туманидаги гўштни қайта ишлаш корхонаси истеъмолчилари мамлакатимиз бозорларида ҳам, ундан ташқарида ҳам етарли. Ишга тушганига энди бир йил бўлган корхона йилига 6,5 минг тонна гўштни қайта ишлайди.

ГУЛЬМИРА АБДИЖАПАРОВА, КОРХОНА ТЕХНОЛОГИ:

- Кушхона иш самарадорлиги юқори: бир сменада 80 бош йирик шохли, 150 бош майда шохли мол сўйишга улгурамиз. Аввало сифатга эътибор берамиз. Бунинг учун махсус санитария назорати йўлга қўйилган.

АЛЕКСАНДР БАХАНЦОВ, КОРХОНА БОШ МУҲАНДИСИ:

- Йил бошидан буён 60 тоннага яқин маҳсулотни экспортга юбордик. Бу қўй гўшти бўлиб, баҳрайнликлар қабул қилишди. Ҳозир янги шартномалар тузиляпти. Хитойга, Бирлашган Араб Амирликларига чиқмоқчимиз. Келажакда эса, албатта, Россия Федерациясига юборамиз.

Жамбил вилоятида экспортни ривожлантириш учун йирик шохли қорамолнинг гўштдор зотлари бош сони кўпайтириляпти. 2018 йилда бошқа  мамлакатлардан 1480 бош мол олинди, бу 2017 йилдагидан 17 баравар кўп. Зотдор мол етиштириш гўшт экспортига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

ЕРЛАН КУЛКЕЕВ, ВИЛОЯТ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Бу нарса маҳсулот экспортига мультипликатив таъсир кўрсатди. Ўтган йили 495 тонна экспорт қилинганди. Йил бошидан буён эса Жамбил вилояти фермерлари хорижга 2200 тонна турли гўшт маҳсулотлари сотди.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз гўшт маҳсулотлари жаҳоннинг бир неча давлатига сотиляпти. Қишлоқ хўжалиги миришкорларининг ташқи бозорларга чиқишига давлат ёрдам беряпти. Маҳаллий корхоналарнинг муваффақиятли фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда.