Қозоғистон ва Туркия ҳамкорлиги

Қозоғистон ва Туркия ҳамкорлиги

Қозоғистон хорижий сармоядорлар учун жозибали. Турли мамлакатлар тадбиркорлари ҳамкорликдан манфаатдорликларини айтишяпти. Улар қаторида турк тадбиркорлари ҳам бор. Сўнгги йилларда Қозоғистон инвестициявий иқлими сезиларли яхшиланди. Бу кўрсаткичга кўра мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари орасида пешқадамликни сақлаб турибди. Йил сайин ўз улушини оширишга интилаётган турк бизнесининг қизиқишини шу билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, сармоядорлар Қозоғистон ҳудуди орқали Евроосиё Иттифоқи ва Хитой бозорига  кириш истиқболини ҳисобга олишяпти.

МЕРТ САРИ, ТУРК-ҚОЗОҚ ТАДБИРКОРЛАР КЕНГАШИ РАИСИ:

- Қозоғистон – Марказий Осиё пешқадами. Мамлакат турли соҳаларда имкониятларга эга. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, кимё ва тоғ-кон саноатида. Бундан ташқари, Қозоғистон 180 миллион истеъмолчиси бор қўшни мамлакатлар бозорига ҳам чиқиши мумкин. Бугунги кунда турк тадбиркорлари Қозоғистон тоғ-кон секторига сармоялар киритиш ниятида.

Икки мамлакат анчадан буён ишончли ҳамкорлик қиляпти. Мустақиллик йилларида Туркия мамлакатимизга 3 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритди. Қозоғистон ҳам 1 миллиард доллар маблағини турк иқтисодиётига йўллади. Томонлар бу билан кифояланмоқчи эмас.

ЕРЛАН ХАИРОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИНВЕСТИЦИЯЛАР ҚЎМИТАСИ РАИСИ:

- Қозоғистоннинг Туркияга киритган инвестициялари – 1 миллиард доллар. Бу асосан хизматлар соҳаси, текстиль ва машина ишлаб чиқаришда. Бугун Қозоғистонда 1900 дан ортиқ турк корхонаси ишлаяпти.

Таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Қозоғистоннинг энг йирик ҳамкорлари ўнлигига киради. Ўтган йил биринчи ярмида, расмий маълумотга кўра, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 678 миллион доллардан ортди. Турклар учун мамлакатимиздаги деярли барча соҳа қизиқарли. Айниқса, тоғ-металлургия, кимё ва енгил саноат, агросаноат мажмуаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамкорлар эътиборини тортмоқда. Шунингдек, турк томони муқобил энергетикага оид лойиҳалар билан ҳам шуғулланиш ниятида.