Иқтисодиётда енгил саноат улуши ортиб бормоқда

Иқтисодиётда енгил саноат улуши ортиб бормоқда

Қозоғистон иқтисодиётида мамлакат енгил саноати улуши ортиб бораётгани сезиляпти. Текстиль саноати, кийим-кечак ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда кўрсаткичлар яхшиланяпти. Бугунги кунда Қозоғистонда мингдан ортиқ енгил саноат корхоналари ишлаб турибди. Шундан 95 фоизи – кичик бизнесга оид.  Ва бундай ишлаб чиқаришлар йил сайин кўпайиб боряпти. 2018 йилда 7 янги корхона очилди. Яқин даврда яна 3 та лойиҳа ишга тушади.

ДАРХАН КАРИБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ  ВА ИНФРАТУЗИЛМАЛАР ТАРАҚҚИЁТИ ДЕПАРТАМЕНТИ ЭКСПЕРТИ:

- Туркистон ва Алмати вилоятларидаги учта енгил саноат лойиҳаларини ҳамда Чимкент шаҳридагини фойдаланишга топшириш режа қилинган. Чимкентда гилам ишлаб чиқарувчи фабриканинг учинчи босқичи ишга тушади. Ип ва калавалар ишлаб чиқариш ташкил қилинади.

Қийматига кўра бугунги кунда енгил саноат маҳсулотлари ҳажми 90 миллиард тенгени ташкил этади. Мамлакатда нохомашё экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бунинг учун келгуси йилларда ярим триллион тенге йўналтирилади.

АЛИМЖАН ТОКТАСИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ  ВА ИНФРАТУЗИЛМАЛАР ТАРАҚҚИЁТИ ДЕПАРТАМЕНТИ ДИРЕКТОРИ:

- Бу маблағнинг 470 миллиард тенгеси корхоналарни қўллаб-қувватлашга сарфланади. Қолган 30 миллиард тенге эса бизнесга сервис кўмаги кўрсатиш учун ажратилган. Бу борадаги режалар қаторида хорижда Қозоғистоннинг савдо-саноат палатаси ваколатхоналарини очиш ҳам бор. Улар Россияда ишлаб турибди, масалан, яқинда Новосибирскда ташкил этдик. Яна 10 та ваколатхона очиш ниятидамиз.

Экспертлар фикрича, саноатлаштириш дастури бошланиши билан соҳага улкан туртки берилди. Унинг доирасида Қозоғистонда мингдан ортиқ янги корхоналар қурилди. Ўтган йилнинг ўзида юзтача саноат объекти ишга тушди. Жаҳоннинг 110 мамлакатига 500 дан ортиқ номдаги маҳсулотлар экспорт қилиняпти.