Қозоғистон-Беларусь ҳамкорлигининг истиқболи порлоқ

Қозоғистон-Беларусь ҳамкорлигининг истиқболи порлоқ

Транспорт-логистика соҳасида Қозоғистон-Беларусь ҳамкорлигининг истиқболи порлоқ. Томонлар темир йўл орқали алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор беришяпти. Иқтисодчи ва сиёсатшунослар фикрича, Қозоғистон Европани Хитой билан боғловчи йўналишда асосий иштирокчига айланяпти.

ГЕОРГИЙ ГРИЦ, БЕЛАРУСЬ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ БИЗНЕС ВА МЕНЕЖМЕНТ ИНСТИТУТИ КАФЕДРА МУДИРИ:

– Бу – Қозоғистоннинг нафақат минтақавий иқтисодий марказ, балки ўрнак олишга лойиқ намуна эканлигини ҳам кўрсатади. Шунингдек, жаҳондаги айни мураккаб вазиятда янгича иш тартибини шакллантиришда ҳам. Қозоғистон Республикасининг географик жойлашиши ва геосиёсий мавқеи янги муносабатлар ўрнатиш, янги иқтисодий ришталар боғлаш билан бир вақтда мавжудларини авайлаш лозимлигини ҳам кўрсатади.

Қозоғистоннинг транзит-транспорт аҳамияти – рад этилмас ҳақиқат. Мамлакатимиз орқали 17 йўналиш ўтади. Бу эса минглаб километрли темир йўллар, дегани. Қозоғистон ва Беларусь юк ташиш ҳажмини тобора ошириб боряпти. Контейнерларга ортилган товарлар Хитойдан Европагача ва аксинча йўналишда мамлакатларимиз орқали қисқа вақтда етказилаётир.

ВЛАДИМИР УЛАХОВИЧ, БЕЛАРУСЬ САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ РАИСИ:

– Маҳсулот ҳажми, уни етказиш вақтининг қисқаришидан ишлаб чиқарувчилар ҳам, транспорт-логистикани таъминловчи компаниялар ҳам фойда кўради. Олдимизда икки вазифа бор. Модернизация қилиш ва харажатларни камайтириш ҳамда транспорт инфратузилмаларимиз орқали жўнатиладиган маҳсулотни истеъмолчига жадал етказиб бериш.

Шуни ҳам айтиш керакки, сўнгги 10 йил давомида Қозоғистон транспорт соҳасини ривожлантиришга 30 миллиард доллар атрофида маблағ сарфлади. Икки минг километрдан зиёд темир йўл қурилди, салкам йигирма минг километр автомобиль йўллари таъмирланди. Каспийдаги портлар, мамлакатнинг асосий аэропортлари модернизация қилинди.