Қозоғистонлик трансформаторлар Эронга сотилади

Қозоғистонлик трансформаторлар Эронга сотилади

Қозоғистонда ишлаб чиқарилган трансформаторлар олис хорижга экспорт қилинаяпти. Ақтау шаҳрида электротўсиқли асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи завод ишга тушгач, бунга имкон туғилди. Манғистау вилоятини саноатлаштириш харитасига киритилган лойиҳа инвестициявий компаниялар маблағи ҳисобига рўёбга чиқарилди. 

ЎЛЖАС ЕСИРКЕПОВ, ИНВЕСТИЦИЯВИЙ КОМПАНИЯ ФИЛИАЛИ ДИРЕКТОРИ:

- Инвестициялар миқдори 2 миллиард тенгени ташкил қилди. Манғистау вилоятининг транспорт-логистика имкониятлари, Қозоғистон – Туркманистон – Эрон темир йўли, Ақтау ва Қуриқ портларини ҳисобга олган ҳолда биз заводни айнан шу минтақада ишга туширишга қарор қилдик.

Ҳозир корхона 40 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради. Унда йилига 4 мингта трансформатор подстанциялари, яъни кунига 20 тасини чиқариш кўзланган. Инвестициявий компания вакилларининг айтишича, тайёр маҳсулот вилоят эҳтиёжини ҳам бемалол қондира олади. Лойиҳада кўрсатилган даражага чиққач, йилига олти миллиард тенге ҳажмида маҳсулот ишлаб чиқариш мўлжалланган. Шуни ҳам айтиш керакки, корхона тўлиқ автоматлаштирилган ва компьютерлар ёрдамида бошқарилади.

ЖАНБЎЛАТ ИЛЬМУХАМБЕТОВ, ЭЛЕКТРОМОНТАЖЧИ:

- Биз Европа ускуналарида ишлаяпмиз. Ҳамма нарса автоматлашган. Ишлаш учун яхши шароитлар яратилган. Компаниямиз Манғистау минтақасини трансформаторлар билан таъминлади.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 50 фоизи Туркманистон, Эрон ва Озарбайжонга экспорт қилинади.