Европаликлар: Қозоғистон – ишончли ҳамкор

Европаликлар: Қозоғистон – ишончли ҳамкор

Қозоғистон иқтисодий ривожланиш борасида салмоқли муваффақиятларга эришди. Сўнгги йилларда жаҳоннинг турли рейтингларида республика асосий кўрсаткичлар бўйича ижобий динамика кўрсатаяпти. Экспертлар бу ҳол фаровонликнинг янада ўсишини кўрсатади, дейишаяпти. Польша Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бартош Чихоцкийнинг айтишича, мамлакатимиз ишончли ва барқарор ҳамкор.

БАРТОШ ЧИХОЦКИЙ, ПОЛЬША ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Қозоғистон Польшанинг энг муҳим ҳамкорларидан бири. Биз икки томонлама ҳамкорлик даражасидан жуда мамнунмиз. Савдо-иқтисодий муносабатларда катта имкониятлар бор. Мамлакатларимиз жадал ривожланаяпти. Биз Марказий Европада, Қозоғистон Марказий Осиёда пешқадам. шунингдек, бизни тарих ришталари боғлаб турибди. Қозоғистонда 30 мингдан зиёд поляк яшайди ва уларга мамлакат раҳбарияти кўрсатаётган қўллов бизга яхши маълум. Бундан ташқари Польшада кўплаб қозоғистонликлар ўқияпти. Муносабатларимизни стратегик муҳим ва синалган, деб ҳисоблайман.

Мамлакатимиздаги бизнес иқлимни немис тадбиркорлари ҳам юқори баҳолашади. Уларнинг таъкидлашича, инвесторларни аввало барқарорлик, сўнгра фойдали шартлар ва имтиёзлар жалб этади. Берлиннинг «Либерал ўрта бизнес» бирлашмаси раиси Кристиан Гроссенинг айтишича, бугунги кунда Қозоғистонда 900 дан ортиқ немис корхоналари ишлаяпти. Мамлактимизга қизиқиш ортиши билан бу кўрсаткич ҳам юқорилаши мумкин..

КРИСТИАН ГРОССЕ, БЕРЛИННИНГ «ЛИБЕРАЛ ЎРТА БИЗНЕС» БИРЛАШМАСИ РАИСИ:

- Бугунги Қозоғистон энг яхши хорижий тажрибани кузатиб бораётган ва ўзлаштираётган муваффақиятли, барқарор ва иқтисодий ривожланган давлат. Халқаро молия марказининг очилиши унинг халқаро молия даражасига чиққанини кўрсатади. Умуман олганда, Германия учун, нафақат йирик, балки ўрта ва кичик бизнес учун ҳам, Қозоғистон жуда жозибали мамлакат. Германиядаги  минглаб кичик корхоналар Қозоғистон билан ишлашни истайди. Давлатимиз тиббиёт, рақамлаштириш, янги технологиялар борасида катта тажрибага эга. Бу соҳаларда биз икки томонлама ҳамкорликнинг жадал ривожлантиришимиз зарур.