Қозоғистон корхоналари Хитойга маҳсулот экспортини оширяпти

Қозоғистон корхоналари Хитойга маҳсулот экспортини оширяпти

Қозоғистон корхоналари Хитойга маҳсулот экспортини оширяпти. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари Осмоности мамлакатида харидоргир. Қарағанди чорвадорлари қўй гўштининг иккинчи партиясини жўнатишга ҳозирланишяпти. Аввалроқ Хитой Халқ республикасига темир йўл орқали 20 миллион тенгедан ортиқ маблағ эвазига 20 тонна гўшт етказиб берилганди. Эндиликда, шартномага кўра, Қарағанди вилояти йил охиригача бу мамлакатга 40 минг бош қўй етказиб бериши зарур. Гўштни қайта ишлаш корхонасида таъкидлашларича, Хитойнинг асосий талаби - Европа стандартларига мувофиқлик ва маҳсулотни саноат миқёсида экспорт қилиш имкониятидир.

БАУРЖАН БАКШИЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК МАҲСУЛОТЛАРИ ЭКСПОРТЕРЛАРИ АССОЦИАЦИЯСИ РАИСИ:

– Янги Зеландия, Австралиянинг йирик компаниялари Хитой бозорида анчадан бери ишлаяпти. Шунга қарамай, биз Қозоғистон маҳсулоти ушбу бозорда ўз харидорини топишига ишонамиз.

Таъкидлаш жоизки, Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари музлатилган қўй гўштини ташқи бозорларга чиқаришни 4 мартадан зиёдга оширишди. 2016 йилда бу кўрсаткич атиги 190 тоннани ташкил этса, 2017 йилда 900 тоннага етди.

Хитойда Қозоғистон асали ҳам харидоргир. Аҳолиси 35 миллион кишидан зиёд бўлган Шеньси вилояти тадбиркорлари мамлакатимиздан дастлабки партия асални олиб кетишди. Мамлакатимизда ҳозирча йилига атиги 10 минг тонна атрофида асал олинади. Келажакда унинг ҳажмини 7 мартагача ошириш мўлжалланган.

ХЭ ЧЭН, ШЭНЬСИ ВИЛОЯТИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ РАСМИЙ ВАКИЛИ:

 – Қозоғистон нафақат ер ости бойликлари, балки табиий маҳсулотлари билан машҳур. Хитой сизнинг товарингизни сотиб олишдан манфаатдор. Масалан, асл Қозоғистон асалининг таъми ажойиб, унга бозорларимизда ҳамиша эҳтиёж катта. Асал келтириш учун 2-3 йил ҳаракат қилдик.

Келгуси 2 йилда Қозоғистон Хитойга 20 турдан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилади. Улар қаторида гўштдан ташқари рапс, маҳсар, гречиха, нўхат, кунжут, турли сабзавот ва мевалар, ёнғоқ ва писта бор.