Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар ривожланишда давом этяпти

Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар ривожланишда давом этяпти

Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги муносабатлар ривожланишда давом этяпти. Экспертлар айтишича, икки мамлакат ўртасидаги мулоқот тизимли кўриниш олган. Барча масалаларда ўзаро ишонч мавжуд. Савдо-иқтисодиёт соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзаро фаолиятнинг бир неча устувор йўналиши белгиланган. Транзит-логистика имкониятларидан фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш – шулар қаторида. Молия аналитиклари фикрига кўра, сўнгги 6 ой ичида Қозоғистон Эрон бозорида 112 миллион доллар даромад кўрган. Таққослаш учун мисол: 2017 йил давомида Астана Теҳронга 170 миллион долларга маҳсулот экспорт қилганди. Иқтисодий ривожланиш яққол кўриниб турибди. Бу маблағнинг энг катта қисмини мойли ўсимликлар, уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, шунингдек, донли, дуккакли ва озуқавий ўсимликлар ташкил этган.

АМИР АБЕДИ, ҚЎШМА ЭРОН – ҚОЗОҒИСТОН САВДО ПАЛАТАСИ РАИСИ:

 – Ўтган йиллар мобайнида Қозоғистон – Эрон ҳамкорлигида сезиларли силжиш юз берди ва у давом этаяпти. Ҳамкорлик даражаси кўрсаткичларидан бири сифатида президент Нурсултон Назарбоевнинг Теҳронга ташрифини кўрсатиш мумкин. Эрон ҳам бу борада орқада қолмаяпти. Қозоғистонда эронлик инвесторлар иштирокида қатор лойиҳалар амалга ошириляпти. Умуман олганда, биз учун Қозоғистон бозори жозибали.

Мутахассислар фикрича, Эрон ва Евроосиё Иқтисодий иттифоқи ўртасида эркин савдо зонаси ташкил этиш тўғрисидаги шартнома мавжудлиги ҳам экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилади. Эрон бозорининг сиғими бугунги кунда 8 миллиард долларни ташкил этади. Шартнома Қозоғистон учун экспорт ҳажмини 30 мартагача ошириш имконини яратади. Бу келишув доирасида Қозоғистон Эронга қандолат маҳсулотлари, гўшт, дуккаклилар, конденсаторлар, аккумуляторлар ва арматура етказиб беради.