Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича саноат кластери

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича саноат кластери

Келгуси беш йил ичида Шимолий Қозоғистон вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича саноат кластери барпо этилади. Ушбу Қозоғистон-Хитой лойиҳасининг дастлабки босқичи - мой ишлаб чиқарувчи завод ишга туширилди.

РУСТЕМ ЖАНИБЕКОВ, ОПЕРАТОР:

– Янчиш дастгоҳларидан ўтган хомашё печларга юборилади. Печ ичида улар буғ билан қиздирилади. Мен намликни текшираман. Кўрсаткич 8 дан ошиб кетса, сув қўшмайман.

Бу – минтақадаги мойли ўсимликларни қайта ишловчи ягона корхона. Унинг қурилишига хорижий сармоя эвазига 7 миллиард тенге ажратилган. Бу йил мазкур заводда  100 минг тонна рапс қайта ишланиб, мой ва кунжара олинди. Маҳсулот Хитойга экспорт қилинаяпти.

ЛУ ПЕЙ ДЖЕ, ЗАВОД ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

– Иккинчи босқичда биз гўштни қайта ишловчи заводлар қуриш ниятидамиз. Учинчи босқичда эса сут, асал каби бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўймоқчимиз. Буларнинг барчасини 2023 йилгача рўёбга чиқариш мўлжалланган.

Қозоғистон халқига Мактубида Президент 2022 йилга қадар қишлоқ хўжалигида меҳнат самарадорлигини ва қайта ишланган маҳсулот экспортини 2,5 марта ошириш вазифасини қўйганди. Жорий йилда мамлакат шимолида 1 миллион тоннадан зиёд мойли экинлар ҳосили етиштирилди.

СЕМБЫ МУКАНШАРИПОВ, ҚИШЛОҚ ОКРУГИ ҲОКИМИ:

Завод қурилиши майда хўжаликлар учун жуда фойдали. Авваллари улар маҳсулотини қаерга сотишни билмасди. Ҳозир эса узоққа боришнинг ҳожати йўқ. Улар шу ернинг ўзида, ўз ватанида мойли ўсимликлар уруғини фойда билан сота олади.

Янги қайта ишлаш комплекслари очилиши минтақанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёжини қондириш имконини беради ва умуман олганда, мамлакат экспорт салоҳиятини оширади.