Ақмўла ва Қарағанди вилоятларида гўштни қайта ишловчи мажмуа ва 16 та сут-товар фермалари барпо этилади

Ақмўла ва Қарағанди вилоятларида гўштни қайта ишловчи мажмуа ва 16 та сут-товар фермалари барпо этилади

Қозоғистон агросаноат мажмуаси мамлакат иқтисодий тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири. Соҳа ривожи замонавий технологияларни жорий этиш ва миришкорларни қўллаб-қувватлашни талаб этади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳа дастурига мувофиқ, келгуси 10 йил давомида сут ва парранда гўшти етиштиришни уч марта оширишни мўлжаллаган. 2021 йилгача Ақмўла ва Қарағанди вилоятларида гўштни қайта ишловчи мажмуа ва 16 та сут-товар фермалари барпо этилади. Бу тадбирларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги соҳасида импорт ўрнини босиш бобида қўйилаётган қадамлардир. 

АРМАН ЕВНИЕВ, ҚР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВИЦЕ-МИНИСТРИ:

- Тахминий ҳисобга кўра, биз бир миллион тонна сут ва сут маҳсулотлари импорт қиламиз. Ана шу маҳсулот 2018-2019 йилларда аниқ қайси фермада, қайси молдан олинади, қандай технологиядан фойдаланилади, лойиҳа ташаббускорлари кимлар, қачон ишга тушади, буларнинг барчасини аниқ-тиниқ ёзиб чиқаяпмиз. Бошқача айтганда, битта фермерга биттадан лойиҳа тўғри келади.

Рақамлаштириш жорий этилгани ҳам ўз ижобий натижаларини беряпти. Янги технологиялар туфайли фермерлар ҳисоб ишларини самарали олиб боришяпти. Ғарбий Қозоғистон вилоятидаги хўжаликлардан бирида ишлаб чиқилган мобиль илова қўшни чорвачилик хўжаликларининг ҳам эътиборини тортди. Уни кузатиб бориш учун фақат GPS-маёқ сифатида хизмат қилувчи уяли телефон зарур. Бирор жонивор бўйнига маҳкамланган телефон отарнинг қаердалигини мунтазам кузатиб туриш имконини беради.

САЯН БАЕТОВ, БЎКЕЙЎРДА ТУМАНИНИНГ ХАН ЎРДА ҚИШЛОҒИДАН:

- Сурув яйловга кетади, мен эса уни кузатиб ўтираман, холос. Отар ёки унинг бир қисми узоқлашиб кетаётган бўлса, телефондаги иловани очиб, қайси томонга юрганига қарайман. Шунга кўра изидан таъқиб қиламан ва барчасини топиб оламан. Ўтган йили боқилаётган қўйлардан бирортасини йўқотиб қўймадим.

Ушбу мобиль илова фермерга моллари сонини тўғри ҳисоблашга кўмаклашади. Хўжаликдаги ҳайвонлар радиочастотали биркалар билан таъминланган. Улар орқали ҳар бир жониворни электрон шаклда таниш мумкин. Барча маълумотлар қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотлар базасида сақланади. Илова орқали фермер базага кириши, жонивор паспортига зарур ўзгаришлар киритиши мумкин. Фермер ғоясига қишлоқ хўжалиги вазирлигида ҳам қизиқиш билдирилди.