Саноат ривожи суръати 50 фоизга ортди

Саноат ривожи суръати 50 фоизга ортди

Қарағанди вилояти Қозоғистоннинг стратегик аҳамиятга эга саноат минтақаси. Вилоят мамлакатнинг саноат ривожига салмоқли улуш қўшиб келаяпти. Сўнгги 5 йил мобайнида Қарағанди вилоятида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш суръати 50 фоизга ортди. Иқтисоднинг барча соҳаларида ўсиш кузатилаяпти. Бу эса сармоядорлар эътиборини  минтақага, маҳаллий аҳоли эътиборини бизнесни ривожлантиришга қаратди.

ЕРЛАН КЎШАНОВ, ҚАРАҒАНДИ ВИЛОЯТИ ҲОКИМИ:

- Минтақада 84 мингта кичик ва ўрта бизнес субъектлари фаолият юритади. Иқтисодий фаол аҳолининг учдан бир қисми мазкур сегментда ишлайди, унда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми йилига 1 триллион тенгени ташкил этади.  Ишсизликни камайтириш, самарали меҳнатни ривожлантириш, оммавий тадбиркорликка оид давлат дастурларини рўёбга чиқаришда давом этаяпмиз. Натижада, вилоят иқтисодига 170 миллиард тенге сармоя киритилди. Бошқача айтганда, ҳар бир тенге субсидияга  20 тенге хусусий сармоя тўғри келади.

Қарағанди вилоятида саноатнинг ўсиши қайта ишлаш саноати маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишга имконият яратди. Биратўла 8 фоизга. Бу эса минтақанинг республикада биринчи ўринга чиқишини таъминлади. Беш йил давомида 20 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Вилоятнинг асосий соҳалари бўлган рангли ва қора металлургияда кўрсаткичлар юксалди. Масалан, Жезқазған мис эритиш заводининг модернизация қилиниши ишлаб чиқариш қувватини йилига 400 минг тоннагача оширди.

ҚАЙРАТ ШЎРМАНБАЕВ, САНОАТ ВА ИНДУСТРИЯВИЙ-ИННОВАЦИЯВИЙ РИВОЖЛАНИШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ЎРИНБОСАРИ:

– Мазкур «Йўл харитаси» доирасида 3 йил ичида 300 миллиард тенгедан зиёд инвестиция киритиш кўзланган. Бу эса чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилашга имкон беради. Шунингдек, экологияни яхшилаш масаласида ҳам инвестициялар кўзда тутилган.  

Минтақада бир триллион тенгедан зиёд маблағ эвазига 33 та янги инвестицион лойиҳа рўёбга чиқарилаяпти. Уларнинг ярми хорижий капитал иштирокида амалга ошмоқда. Улгуржи-тарқатиш маркази – шулардан бири. Экспертлар фикрича, бу савдо ва логистикада мутлақо янгича ёндашув. Унинг омборхоналарида 12 минг тоннадан зиёд турли маҳсулот сақланади, юклаш майдончалари эса бирйўла 150 машинани қабул қилиши мумкин.

НАИЛЬ МУНАСИПОВ, УЛГУРЖИ-ТАРҚАТИШ МАРКАЗИ ТИЖОРАТ ДИРЕКТОРИ:

– Бу – фермер ва тадбиркорлар учун маҳсулотини бир жойнинг ўзида сақлаш, сотиш, экспорт ва импорт қилиш имконини беради. Божхона расмийлаштириш зоналари мавжудлги узоқ ва яқин хориждан келган тадбиркорлар учун ўз маҳсулотини майдончамиз орқали сотиш имкониятини яратади.

Қарағанди фермерлари ҳам Қозоғистон иқтисодини ривожлантиришга салмоқли улуш қўшишяпти. Улар хорижий гўшт маҳсулотлари бозорини ўзлаштиришяпти. Йил бошидан буён етти юз тонна атрофида мол ва қўй гўшти экспорт қилинди. Бу эса ўтган йилдагидан 3 марта кўп. Биринчи марта Хитойга гўшт етказиб бериш бўйича шартнома тузилди. Йил охиригача Осмоности мамлакатига экспорт қилинган қўй ва мол эти минг тоннани ташкил этади.